Эй Худо ишқилиб...

Соат 21:05. Ишдан қайтмоқдаман. Эй Худо ишқилиб... Кеч тушган бўлса ҳам қуёш куни билан қиздирган ҳарорат ҳали босилиб улгурмаган, иссиқ. Оғир сумкамни кўтариб олганман. Метро бекатидан чиққанимдан бери бир нарсани ўйлайман: Эй Худо ишқилиб…
Қоронғу йўлак орқали кўп қаватли уйлардан бирида жойлашган хонадонимиз томон буриламан, қаршимдан яшил кийимли бир одам чиқиб келади. Қўрқиб кетаман. Худога шукур оддий одам экан. Бирозга бўлса-да миямда айланаётган фикр тарқалгандек… Йўқ, яна ўша фикрлар. Вақтни яна бироз бўлсада чўзиш учун дўконга кириб айланаман…


Соат 21:20. Балки улар бугун чиқишмагандир. Худога таваккал қилиб уйга қараб йўл оламан. Эй Худо ишқилиб… Йўқ. Улар шу ерда бўлади. Ҳудди мени кутиб ўтиришгандек. Бир ҳаёлим индамасдан ўтиб кет дейди, яна бири ҳар доимгидек ўзингни тут дейди. Ўзимни ҳар доимгидек тутиб, подъездга киришда ўтирган икки аёлга “Ассалому алайкум” деб ичкарига кириб кета бошлайман. Доимгидек алик олишмайди. Алам қилади. Темир эшикка яқинлашганимда улардан бири:
—Ҳамма ерни вилоятдан келган ижарачилар босиб кетди-де!
—Нимасини этасиз, битта квартирада 5—6 талаб яшашадими-эй…
Қолганини эшитмадим. Яна бирорта эшик очилиб қолмасин деб, югуриб бешинчи қаватга чиқиб кетаман. Атай қилгандек, калитим қолиб кетган бўлади. Квартирамиз эшигини секин уч марта тақиллатаман. Қарама-қарши тарафдаги қўшни чиқади.
—Ҳеч бўлмаса кечаси тинчлик борми-а?! Намунча қаттиқ таққилатасанлар? Уйни эгасига айтиб ҳайдатвормасамми ҳали…
Уч дақиқа гапиради. Минғиллаб-минғиллаб яна уйига кириб кетади. Шундан сўнг ўзимизнинг эшик очилади. Хонадошим ҳам қўрққанидан қўшни кириб кетишини кутиб, очмай турган бўлади.


Эртасига соат ўнларда ишга кетаман. Эй Худо ишқилиб подъезд тагида ҳеч ким ўтирмаган бўлсинда.
Йўқ, яна ўтирибди. Фақат бу сафар биттаси. Салом бераман, у эса кибрли қараб бурнини жийиради. Ҳудди мен қарол-у, у малика! Ичимдан нима ўтганини ўзим билиб, индамай ўтиб кета бошлайман. Аёлнинг уч ёшли боласи югуриб келади.
—Ая, дадам бугун банан обкеладими?
—Мен сенга неча марта айтганман, қишлоққа борганда Дада, бу ерга келганда Ада дегин деб!..


Алам қилади...

Комментарии

Отправить комментарий

Популярные сообщения из этого блога

Рустам Капгир — “Очилишни истамаган иш”

Qog'ozbozlik